0
TIF kopiya

Табиат неъмати саналмиш дўлана раънодошлар оиласига мансуб бўлиб, меваси таркибида 20% фоиз қанд, 8% фоиз ёғ, витамин С, органик кислоталар мавжуд.

       Дўлана юртимизнинг тоғли ҳудудларида, денгиз сатҳидан 1000-1500 метр баландликда, кўпинча якка ҳолда ўсади. Баъзан кичик дўланазорлар ҳам учрайди. Дарахти 4-10 метр баландликкача бўлади. Унинг 900 га яқин тури бор. Шундан 10 тури юртимизда учрайди. Дўлана май-июнь ойларида гуллаб, сентябрь охирида пишади. 25-30 ёшли дарахт тахминан 70-80 килограммгача ҳосил беради.
        Дўлананинг шифобахш хусусиятлари шу қадар кўпки, қадимдан барги, гули ва мевасидан халқ табобатида кенг фойдаланилган. Жисмоний ва руҳий толиқишга, уйқусизликка даво сифатида ишлатилган. Абу Али ибн Сино дўлана мевасини иштаҳа очувчи, ич кетишини тўхтатувчи восита сифатида қўллаган.
        Унинг шифобахш хусусиятларидан замонавий тиббиётда ҳам самарали фойдаланилмоқда. Дўлананинг спиртли настойкаси ва экстрактини шифокорлар қон томирларининг функционал касалликларида, юрак фаолиятининг бузилишида, қон босимининг ошиши, юқумли касалликларга чалинган беморлар юрагининг қувватсизланиши каби касалликлар билан оғриган беморларга ичишни тавсия қилади. Дўлана кардиовален препарати таркибига киргани боис, юрак мушакларининг қисқаришини яхшилайди, унинг безовталаниши, қон таркибидаги холестеринни камайтиради.
       Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ зонасида Бурчмулла ва Чирчиқ ўрмон хўжалигидаги кенг майдонда, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кичик дўланазорлар мавжуд.     

Comment qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz e'lon qilinmaydi.

0
X